Аукционда қатнашиш учун оферта


Аукцион иштирокчилари аукцион бошланишидан олдин бир соат мобайнида ЭРИдан фойдаланиб виртуал савдоларнинг савдо майдончасига киришни амалга оширади. Аукцион савдолар ўтказилиши тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган вақтда, савдо майдончасида сотиладиган давлат мулки объектини бошланғич нархи бўйича автоматик тарзда жойлаштириш орқали бошланади.

Аукцион мусобақа асосида, нархини ошириш тамойили бўйича, буюртманомалар бўлмаганда эса - сотувчи билан келишилмаган ҳолда қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган тартибда нархни босқичма-босқич пасайтириш механизми автоматик тарзда қўлланилган ҳолда ўтказилади.

Аукционлар иш куни давомида, соат 09:00 дан соат 18:00 гача бўлган вақт оралиғида ўтказилади.

Агар лотнинг нархини ошириш ҳақидаги таклифни охирги тасдиқлаш иштирокчи томонидан электрон аукцион ўтказилиши вақти тугашигача ўн дақиқадан кам вақт қолганда амалга оширилган бўлса, аукционни ўтказиш муддати таклифни охирги тасдиқлаш пайтидан бошлаб ўн дақиқа муддатгача узайтирилади. Ҳар бир кейинги таклиф электрон аукцион ўтказилиши муддатини ўн дақиқага узайтиради. Бунда электрон аукцион ўтказилиши муддати кўпи билан уч соатга узайтирилади ва аукцион соат 21:00 гача якунланиши лозим. Лотнинг нархи ҳақидаги таклифни охирги бўлиб соат 21:00 гача тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолиби деб тан олинади.

Аукцион босқичи:

биринчи тўрт босқичда - аукцион объекти бошланғич қийматининг беш фоизини;

бешинчи ва кейинги босқичларда - аукцион объекти бошланғич қийматининг уч фоизини ташкил этади.

Истисно тариқасида бошланғич қиймати электрон аукцион ўтказилиши тўғрисида билдиришномани жойлаштириш пайтига келиб белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки минг бараваридан ортиқ бўлган давлат мулки объектини сотишда, аукцион босқичи эса аукцион объектининг бошланғич қийматидан икки фоизни ташкил этади.