Аукцион ўтказиш қоидалари


Давлат активларини сотишда ва ижарага беришда электрон

онлайн-аукцион савдоларини ўтказиш

ҚОИДАЛАРИ

 

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
16 июндаги 454-сон қарори асосида ишлаб чиқилган.

 

  1. Умумий қоидалар

1.1. Давлат активларини сотишда электрон онлайн-аукцион савдоси хабарнома веб-порталга жойлаштирилган кундан бошлаб аукцион савдоси камида 30 календарь кун, давлат объектларни ижарага бериш ҳолатларида эса – аукцион савдоси камида 15 кун календарь қолганда ўтказилади.

1.2. Электрон онлайн-аукционда ҳар қандан жисмоний ва юридик шахслар иштирок этиши мумкин.

1.3. Электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун «E-IJRO AUKSION» ЯЭСМ сайтида рўйхатдан ўтилади.

Фойдаланувчи рўйхатдан ўтгандан кейин «E-IJRO AUKSION» ЯЭСМ сайтида унга шахсий кабинет ва депозит ҳисобварақ яратилади.

Фойдаланувчининг электрон почта манзили шахсий кабинетга кириш учун логин сифатида ишлатилади.

Шахсий кабинетга кириш учун парол фойдаланувчи томонидан рўйхатдан ўтиш жараёнида мустақил берилади.

  1. Аукцион (танлов)да иштирок этиш шартлари

2.1. Электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун давлат мулки объектлари танлов асосида “ноль” харид қиймати бўйича сотиш ҳамда давлат мулкини ижарага бериш бўйича буюртмалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб оператор веб-порталида автоматик тарзда қабул қилинади ва аукцион ўтказиладиган кундан 2 иш куни олдин
(соат 13:00 да) якунланади.

Буюртма қабул қилиш учун белгиланган муддат ўтгандан кейин келиб тушган буюртмалар қабул қилинмайди.

2.2. Буюртмалар электрон равишда тақдим этилади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

  1. Электрон онлайн-аукцион (танлов) ўтказиш тартиби

3.1. Оператор веб-порталида электрон онлайн-аукцион хабарномада кўрсатилган кун ва вақтда бошланади.

3.2. Давлат мулки объектлари ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон онлайн-аукцион сотиш мусобақа асосида, нархини ошириб бориш тамойилида ўтказилади.

3.3. Электрон онлайн-аукцион икки ёки ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлган тақдирда  ўтказилади.

3.4. Давлат мулки объектлари ва Давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон онлайн-аукцион иш куни давомида соат 9:00 дан 18:00 га қадар ўтказилади.

Давлат мулки объектларининг танлов асосидаги “ноль” харид қиймати иштирокчиларнинг танлов таклифларини баҳолаш веб-портал орқали автоматик тарзда савдолар ўтказилиши тўғрисида билдиришномада кўрсатилган танловларнинг санаси ва вақти келганда амалга оширилади.

Давлат мулки объектларининг танлов асосидаги “ноль” харид қиймати танловида иштирок этиш учун талабгор танлов ҳужжатларига мувофиқ тузилган танлов таклифини (инвестицион мажбуриятларнинг таклиф этилган миқдори, уларни киритиш шакллари, муддати ва шартлари) тақдим этиши шарт.

3.5. Бошланғич нарх сотиб олиш қиймати бўйича давлат мулки объекти (улуши) қийматини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг эксперт хулосасида кўрсатилган миқдорда белгиланади.

Давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон онлайн-аукцион ўтказилишида ижара ҳақининг бошланғич нархи ушбу объект бўйича белгиланган тартибда аниқланган ижара ҳақининг йиллик таянч ставкасига тенг.

Давлат объектларини «ноль» харид қиймати бўйича сотишда инвестицион мажбуриятларнинг энг кам қиймати миқдори Давлат тендер комиссияси ёки ҳудудий танлов комиссияси қарори билан белгиланади.

3.6. Давлат мулки объектлари ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича аукцион қадами:

биринчи тўртта қадамда — аукцион объекти баҳоланган қийматининг 5 фоизи миқдорида;

бешинчи ва ундан кейинги қадамларда — аукцион объекти баҳоланган қийматининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.

Баҳоланган қиймат хабарнома жойлаштириш пайтида энг кам ойлик иш ҳақининг икки минг бараваридан юқори бўлган мол-мулк реализация қилинган тақдирда, аукцион қадами, истисно тариқасида, аукцион объекти баҳоланган қийматининг 2 фоизи миқдорида белгиланади.

3.7. Давлат мулки объектлари ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон онлайн-аукцион иштирокчиларидан лотни бошланғич нархдан битта қадамга оширилган нархда сотиб олиш бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошланади.

3.8. Агар лот нархини ошириш ҳақидаги таклифни охирги тасдиқлаган аукцион иштирокчиси буни электрон онлайн-аукционни ўтказиш вақти якунлангунга ўн дақиқадан кам қолганда амалга оширган бўлса, аукционни ўтказиш вақти охирги таклиф тасдиқланган пайтдан бошлаб кейинги ўн дақиқага узайтирилади. Кейинги ҳар бир таклиф электрон онлайн аукционни ўтказиш вақтини ўн дақиқадан узайтириб боради. Бироқ бунда электрон онлайн аукционни ўтказиш вақти 18:00 дан кейин 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва аукцион 21:00 га қадар якунланиши лозим. Лот нархи бўйича таклифни соат 21:00 га қадар охирги тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.

3.9. Электрон онлайн-аукционни ўтказиш жараёнида техник узилишлар содир бўлганда аукцион ўтказиш санаси ва вақти ҳақида аукцион иштирокчилари мажбурий хабардор қилинади ҳамда аукцион техник узилиш бартараф этилган куннинг иккинчи иш кунига кўчирилади.

3.10. Агар буюртма бериш вақти якунланган пайтга келиб фақат бир иштирокчи томонидан буюртма берилган бўлса, оператор электрон онлайн-аукцион (танлов) ўтказилиши кунида ушбу иштирокчига электрон хат орқали электрон онлайн-аукцион (танлов) объектини бошланғич нархи (ижаранинг таянч ставкаси) бўйича сотиб олиш (ижарага олиш) тўғрисида таклиф юборилади.

Электрон онлайн-аукцион иштирокчиси, агар у таклиф юборилган пайтдан бошлаб беш иш куни мобайнида операторга аукцион объектини сотиб олиш истаги йўқлиги ҳақида хабар берса ёки ушбу муддат мобайнида операторга сотиб олиш (ижарага олиш) тўғрисида ёзма равишда ёки электрон хат орқали хабар бермаса, аукцион (танлов) объектини сотиб олиш рад этилган деб ҳисобланади.

  1. Электрон онлайн-аукцион (танлов) ўтказилмаган деб топилиши

4.1. Агар:

электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун бирорта буюртма тушмаган бўлса;

электрон онлайн-аукцион иштирокчиларидан бирортаси мулкни аукцион жараёнида таклиф этилган нарх бўйича сотиб олиш истагини билдирмаган бўлса;

электрон онлайн-аукционда иштирок этишга фақат битта иштирокчи қўйилган ва у аукцион объектини сотиб олишни рад этган бўлса, давлат мулки объектлари бўйича электрон онлайн-аукцион бўлиб ўтмаган деб эътироф этилади.

  1. Такрорий электрон онлайн-аукцион (танлов) ўтказиш тартиби

5.1. Давлат мулки объектлари ва Давлат мулкини ижарага бериш бўйича такрорий электрон онлайн-аукцион иш куни давомида соат 9:00 дан 18:00 га қадар ўтказилади.

Давлат мулки объектларининг танлов асосидаги “ноль” харид қиймати бўйича иштирокчиларнинг танлов таклифларини баҳолаш веб-портал орқали автоматик тарзда савдолар ўтказилиши тўғрисида билдиришномада кўрсатилган танловларнинг санаси ва вақти келганда амалга оширилади.

5.2. Такрорий электрон онлайн-аукцион икки ёки ундан ортиқ иштирокчи бўлган тақдирда  ўтказилади.

5.3. Давлат мулки объектларининг такрорий электрон онлайн-аукционда иштирок этиши учун бирорта буюртма тушмаган бўлса, электрон онлайн-аукцион санаси яна икки ойга узайтирилади.

Бунда электрон онлайн-аукцион ўтказилиш санасидан бошлаб икки ой мобайнида 15 иш кунида бир марта даврийлик билан ўтказилади ва билдиришномада кўрсатилган сана ва вақтда бошланади.

Ушбу муддат тамом бўлгандан сўнг кейинги кундан бошлаб давлат мулки объектларига босқичма-босқич арзонлаштириш механизми қўлланади ва электрон онлайн-аукцион бошланғич нархдан 10 фоизга камайтирилаган ҳолда 15  кунлик муддат билан 50 фоизга етгунча қадар такрорий электрон онлайн-аукционга чиқарилади.

5.4. Давлат мулки объектларининг «ноль» харид қиймати бўйича такрорий танловда иштирок этиши учун бирорта буюртма тушмаган бўлса, танлов яна икки ойга узайтирилади.

Танловлар биринчи танлов ўтказилиши санасидан бошлаб икки ой мобайнида
15 иш кунида бир марта даврийлик билан ўтказилади ва билдиришномада кўрсатилган сана ва вақтда бошланади.

5.5. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича такрорий электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун бирорта буюртма тушмаган бўлса, такрорий электрон онлайн-аукцион ҳар гал объектни ижарага беришгача 15 кунга узайтирилади.

Электрон онлайн-аукционда биринчи аукцион ўтказилиш санасидан бошлаб доимий тартибда 15 иш кунида бир марта даврийлик билан ўтказилади ва билдиришномада кўрсатилган сана ва вақтда бошланади

  1. Аукцион (танлов) ғолибининг ҳуқуқларини расмийлаштириш тартиби

6.1. Давлат мулки объектлари ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича охирги тасдиқланган таклиф пайтидан бошлаб ўн дақиқа ичида лот нархини ошириш тўғрисида кейинги таклиф бирорта иштирокчи томонидан тасдиқланмаса, лот нархи ҳақидаги таклифни охирги бўлиб тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолиби деб эътироф этилади.

6.2. Давлат мулки объектларини танлов асосида «ноль» харид қиймати бўйича сотишда танлов таклифларини баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш баллар тизими бўйича амалга оширилади.

Танлов таклифи ва шартларига энг юқори даражада мос бўлган танлов иштирокчиси танлов ғолиби деб эътироф этилади.

6.3. Ҳар бир сотилган давлат мулки объекти бўйича аукцион натижалари веб-портал томонидан автоматик тарзда шакллантириладиган электрон баённома билан расмийлаштирилади

Оператор махсус бланкада аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани уч нусхада расмийлаштиради, уни муҳр билан тасдиқлайди ва бир нусхасини аукцион ғолибига (ёки аукцион ғолибининг розилиги билан уни почта орқали юборади), бир нусхасини сотувчи (ижарага берувчи)га топширади.

Баённома давлат мулки объектининг олди-сотди (ижара) шартномасини тузиш учун асос ҳисобланади.

  1. 7. Закалат пулини қайтариш тартиби ва шартлари

7.1. Аукцион якунланганидан ёки ўтказилмаган деб топилганидан сўнг закалат пули иштирокчининг депозит ҳисобварағига автоматик тарзда қайтарилади.

7.2. Иштирокчининг электрон онлайн-аукционда қатнашиш истаги йўқлиги ва пул маблағларини қайтариш тўғрисидаги аризасига асосан “шахсий хисобварағи”даги пул маблағлари унинг банкдаги ҳисоб рақамига қайтарилади.

7.3. Олди-сотди (ижара) шартномасини тузишдан бош тортган ёки уни рад этган аукцион ғолибига у томонидан киритилган закалат миқдори қайтарилмайди.

 

 

Батафсил маълумот олиш:http://lex.uz/pdfs/3784454